ХАЛҚ ВА АРМИЯ – ЯКДИЛ

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади.

Қуролли Кучларнинг тузилиши ва уларни ташкил этиш қонун билан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси,

125-модда.

 

Ватанни севмоқ – иймондандир. Ватан муҳаббати барчамиз учун бирдай муқаддас, бирдай ардоқли. Ватанни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш биз учун ҳам қарз, ҳам фарз. Юртимиз иқболи ва тинчлигини дилларга жо этган ҳарбийларимиз борки, бизнинг кўнглимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Улар аждодларимиз ўгитларига, уруш ва меҳнат фахрийлари тажрибасига, заҳматкаш халқимизнинг ақл-идрокига таянган ҳолда хизмат бурчларини ўтамоқдалар.

Конституциямизнинг XXVI боби мудофаа ва хавфсизлик масалаларига бағишланган. Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилганидек, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади.

Қуролли Кучларнинг тузилиши ва уларни ташкил этиш қонун билан белгиланади. Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада қуролли кучларига эга.

Мустақиллик йилларида халқимиз эришган энг катта бойлик, ҳеч шубҳасиз, тинч-тотув ҳаётимиздир. Ана шу осойишта ва барқарор ҳаётнинг мустаҳкам қалқони – миллий армиямизнинг барпо этилиши халқимизнинг мустақилликни қўлга киритиш тарихи билан узвий боғлиқ.

Модомики, Ватан ҳимояси ва Ватан ҳимоячилари ҳақида гап борар экан, Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида 1991 йил 6 сентябрь куни Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилгани ўта мураккаб ва таҳликали йилларда ҳеч кимга тобе ва қарам бўлмай яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасида дадил қадам бўлганини алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир.

Шу ўринда 1992 йил 14 январь куни давлатимиз раҳбарининг мамлакатимиз ҳудудидаги барча Қуролли Кучларни Ўзбекистон тасарруфига ўтказиш тўғрисидаги қарори қабул қилингани ва ўша кундан бошлаб миллий армиямизга асос солинганини фахр билан қайд этиш жоиз.

Албатта, юртимизда барча талабларга жавоб берадиган, тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ва техникага эга бўлган миллий армияни барпо этиш ўз-ўзидан бўлгани йўқ.

Ґарбий таълим соҳасини профессионализмдан ташқари, миллий истиқлол ғоялари асосида тубдан қайта ташкил этиш, Қуролли Кучларимизни ҳар қандай хавф-хатарни чуқур таҳлил қилишга қодир, тезкор қарорлар қабул қила оладиган, замонавий билим ва тафаккурга эга, юксак маънавиятли офицер кадрлар билан тўлдириш ниҳоятда муҳим эди.

Дунёдаги айрим иқтисодий жиҳатдан бақувват давлатлар катта маблағ эвазига четдан ёлланган ҳарбийларга таянишни маъқул кўрган бир пайтда, Президентимиз ташаббуси билан ҳарбий таълимни ривожлантиришга, миллий армиямиз сафларини миллати, тили ва динидан қатъи назар, юртимиз сувини ичиб, тузини татиган, серқуёш заминимизда тарбия топган, вояга етган ўз йигитларимиз билан кенгайтиришга катта эътибор қаратилгани бу борадаги муваффақиятларнинг асосий омиллари бўлди.

Бош Қомусимизда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари мамлакатимизнинг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилиши, Ўзбекистон Республикаси ўз хавфсизлигини таъминлаш учун етарли даражада қуролли кучларига эга бўлиши қатъий белгилаб қўйилган.

Истиқлол йилларида Ватан ҳимоячилари кунини катта байрам, буюк ва муқаддас Ватанимиз тақдирини ўз тақдири деб билган мардлар байрами сифатида кенг нишонлаш анъанага айланган бўлиб, бу

шодиёналар халқимизга бемисл хурсандчилик бағишлаб келмоқда. Зеро, байрам миллат тақдири ва ҳаётига дахлдор бўлсагина, унинг шукуҳи ва руҳи халқнинг кўнглидан, маънавиятидан чуқур жой олади.

Кези келганда, Президентимизнинг ташаббуси ва ғояси асосида 2010 йили пойтахтимизда Қуролли Кучларимиз шарафига ўрнатилган “Ватанга қасамёд” ҳайкали эл-юрт ҳимоячиси бўлган фидойи инсонларга қўйилган гўзал бадиий обида, ёшларимиз учун ўзига хос монументал дарслик сифатида эзгу мақсадларга хизмат қилаётир.

Бугун Ўзбекистонда туғилиб, улғайиб, вояга етаётган ёшларимизнинг ҳар бири ўз ҳаётини, келажагини мана шу буюк ва муқаддас, бетакрор Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги ва халқимиз фаровонлиги билан уйғун кўради. Осуда, хотиржам ва саодатли ҳаётимизнинг қадрига етиб, уни янада зиёда қилишни кимнингдир буйруғи деб эмас, балки кўнглидаги энг тоза ва покиза ният, доимий интилажак ёруғ манзил деб билади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 21 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида таъкидланганидек, “Ўзбекистон Қуролли Кучлари ўтган тарихан қисқа даврда мураккаб шаклланиш йўлини босиб ўтди ва бугунги кунда сон жиҳатдан ихчам, ҳаракатчан, замонавий талабларга жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга бўлган армия сифатида ўзини намоён этмоқда”.

Ҳақиқатан ҳам, Қуролли Кучларимизни изчил ислоҳ этиш давомида принципиал янги ташкилий-штат тузилмаларини, ҳарбий бошқарув тизимларини, турли қўшин турлари ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва уларнинг ҳамкорлигини таъминлаш механизмларини шакллантириш, ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлигини ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни тубдан яхшилаш бўйича кўлами ва маъно-мазмунига кўра улкан ва беқиёс ишлар амалга оширилгани ўзининг кутилган самараларини берди.

Айни вақтда дунёдаги вазият шиддат билан ўзгариб, хавфсизликка нисбатан таҳдид ва хатарлар тобора кучайиб бораётган ҳозирги шароитда Қуролли Кучларни модернизация қилиш ва уларнинг жанговар тайёргарлигини, мамлакатимизга қарши қаратилган ҳар қандай тажовузга ўз вақтида ва муносиб зарба бериш қобилиятини оширишни таъминлаш алоҳида аҳамият касб этаётганини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Президентимиз уқтирганидек, Қуролли Кучларимизнинг салоҳияти ва жанговар тайёргарлигини ҳар томонлама мустаҳкамлаш, мамлакатимиз суверенитети ва унинг давлат чегараларини ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш борасидаги ишларни давом эттириш “Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсий фаолият концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Қонунда баён этилган ташқи сиёсий стратегиямизни изчил амалга ошириш, Ўзбекистоннинг хавфсизлиги ва барқарорлигини таъминлашнинг энг муҳим шарти ва кафолатидир.

Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони томонидан бу борада бир қатор истиқболли вазифалар белгилаб берилди. Жумладан:

биринчидан, Қуролли Кучларни қўллаш стратегияси ва тактикасини янада такомиллаштириш, жанговар операцияларни олиб бориш бўйича замонавий тажрибани чуқур ва пухта эгаллаш, шунингдек, шерикларимиз бўлган мамлакатлардаги ўқув ва тадқиқот марказларида қўмондонлик таркибининг малака ошириши бўйича узоқ муддатга мўлжалланган режаларни амалга ошириш алоҳида аҳамият касб этади;

иккинчидан, давлат чегараларимизни қўриқлаш ва ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш, бўлинмаларни реал вақт мезонлари асосида самарали бошқариш имконини берадиган замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва технологияларини қўшинларни бошқариш тизимига кенг жорий этиш бўйича бошлаган ишларимизни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш даркор;

учинчидан, қўшинларнинг ўқув, жанговар тайёргарлиги маъно-мазмунини тубдан ўзгартириш Қуролли Кучлар қўмондонлигининг устувор вазифаси ҳисобланади. Тезкор-тактик, қўмондонлик-штаб ўқув машқларини пухта режалаштириш, уларни жанговар шароитларга имкон қадар тўла яқинлаштирган ҳолда олиб бориш тизимини такомиллаштириш масалалари ҳам ғоят жиддий эътиборни талаб қилмоқда.

Ўқув машқлари давомида моделлаштириш ва симуляция усулларидан фаол ва кенг фойдаланиш, мамлакатимиз ҳудудига суқилиб киришга уринадиган бузғунчи тўдалар, қўпорувчи-террорчи гуруҳларни бартараф этиш бўйича жанговар операцияларни олиб боришнинг турли модель ҳамда вариантларини синаб кўриш муҳим аҳамиятга эга;

тўртинчидан, Қуролли Кучларни замонавий қурол-аслаҳа ва техника билан қайта таъминлашни давом эттириш доимий эътиборимиз марказида бўлиши шарт. Бу соҳада шерикларимиз бўлган хорижий мамлакатлар билан халқаро ҳарбий-техник ҳамкорликни яхшилаш ва унинг кўламини кенгайтириш зарур;

бешинчидан, ҳарбий кадрлар, биринчи навбатда, чуқур билимга эга бўлган ва замонавий фикрлайдиган, интеллектуал етук офицерларни, шунингдек, бугунги кунда армиямизнинг ўзагини ташкил этаётган юксак профессионал малакали кичик командирлар – сержантларни тарбиялаш тизимини тубдан яхшилаш ҳам Қуролли Кучлар қўмондонлиги фаолиятининг энг муҳим йўналишларидан бири бўлиши даркор.

Бу борада, Президентимиз таъбири билан айтганда, ҳарбий билим юртлари ва сержантлар мактабларида ҳарбий кадрларга ҳарбий соҳа ва ҳарбий санъат ривожидаги асосий тенденцияларни акс эттирадиган, принципиал жиҳатдан янги мутахассислик ва илм-фан йўналишларини жанговар ҳаракатларни олиб боришнинг хорижий тажрибаси, замонавий шакл ва методларини ҳисобга олган ҳолда ўргатиш олдимизда турган ишларнинг энг масъулиятли жабҳаси ҳисобланади;

олтинчидан, армияда офицерлар, сержантлар ва оддий аскарларда юксак маънавий фазилатлар, мустаҳкам ирода, Ватан тақдири учун масъулият ҳиссини камол топтириш, ҳарбий жамоаларда соғлом ахлоқий-руҳий муҳитни шакллантиришга қаратилган тарбиявий ишлар тизимини тубдан яхшилаш Қуролли Кучларимиз барча бўғинлари командирларининг алоҳида муҳим вазифасидир, деб таъкидлайди Президентимиз.

Аён ҳақиқат шуки, бугунги кунда ҳарбий хизматга чақирилаётган ёшлар аввалги йиллардаги муддатли ҳарбий хизматчилардан мутлақо фарқ қилади. Ґозирги вақтда мустақиллик йилларида туғилиб вояга етган, мамлакатимиздаги лицей ва коллежларда энг замонавий таълим-тарбия олган йигитлар армия сафларига кириб келмоқда. Улар замонавий ахборот, компьютер технологияларини, хорижий тилларни пухта эгаллаган ва энг асосийси – ҳаёт ҳақида ўзининг мустақил фикри ва қарашига, ахлоқий-маънавий қадриятларига эга бўлган ёшлардир.

Ана шу реал воқеликдан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари олдида турган яна бир долзарб вазифани белгилаб берди. Яъни:

еттинчидан, муддатли ҳарбий хизматчиларнинг, миллий армиямизнинг ана шундай янги қиёфасини ҳисобга олган ҳолда, эски қолип ва мезонлардан қатъий воз кечиб, мавжуд Умумқўшин уставлари, қўлланмалари, қоида ва йўл-йўриқларини, ўқув-тарбия ишларини, қўшинларнинг жанговар хизмат фаолиятини ташкил этишнинг шакл ва методларини тубдан қайта кўриб чиқиш зарур.

Президентимиз таъкидлаганидек, ушбу йўналишдаги ишларимизнинг бош мақсади Қуролли Кучларимиз сафларида хизмат қилаётган ёшларда қатъий ирода ва характер, ҳаётий позицияни шакллантириш, уларнинг юксак инсоний фазилатлар соҳиби ва жисмоний чиниққан бўлишларига эришиш, ўз билим ва малакасини такомиллаштириш, фан-техника янгиликларини эгаллаш, мамлакатимизда хавфсизликни таъминлаш, тинчлик ва барқарорликни ҳимоя қилиш борасидаги ўзининг ҳарбий бурчини сидқидилдан адо этиш учун интилиб яшашга хизмат қиладиган муҳитни мустаҳкамлашдан иборат бўлиши керак.

Бу вазифани амалга оширишга Мудофаа вазирлиги қошида ташкил этилган Жамоатчилик кенгашини, маданият, санъат, спорт намояндалари, мамлакатимиз кенг жамоатчилиги вакилларини фаол жалб этиш лозим, деб уқтиради мамлакатимиз раҳбари.

 Маълумки, ушбу Жамоатчилик кенгаши Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 24 октябрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашини тузиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ ташкил этилган.

Кенгаш мақсад ва вазифаларига кўра, мудофаа ва ҳарбий қурилиш соҳасида олиб борилаётган давлат сиёсатига дахлдор энг долзарб масалаларга оид жамоатчилик фикрини ўрганиш, фуқароларни ҳарбий хизматга чақиришдан бошлаб, резервга бўшатилган фуқароларнинг ижтимоий ва профессионал мослашувигача бўлган масалаларни ҳал этиш, шунга доир таклиф ва тавсияларни ишлаб чиқишга қаратилган муҳим вазифаларни бажаришга киришди.

Президентимизнинг мазкур Қарори бугунги кунда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, бу борада жамоат ташкилотларининг роли ва мавқеини юксалтириш йўлида навбатдаги муҳим ва таъсирчан қадам бўлди. Таъбир жоиз бўлса, бу ҳужжат миллий армиямиз билан халқимиз ўртасидаги якдилликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Ҳарбий қисмлардаги шарт-шароитлар, ҳарбийларимизнинг ҳаёти ва хизмат фаолияти жараёнлари жамоатчилигимизнинг кўз ўнгида, худди кўзгудагидек намоён бўлиб туришини таъминлашда мазкур тарихий ҳужжатнинг баҳоси беқиёс. Мамлакатимиз раҳбарининг қарорига кўра тузилган Жамоатчилик кенгаши наинки ҳарбий қисмлардаги маънавий-маърифий иқлим юксалишида, айни чоғда ёшларимизни ҳарбий хизматга тайёрлаш, юртдошларимизни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Албатта, бу ғоят долзарб ташаббус “Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари” деган эзгу тамойилни ҳаётимизга янада изчил ва теран татбиқ этишда катта роль ўйнайди. Жамоат ташкилотларининг, жамоатчилик назоратининг фаолият кўламини кенгайтиришнинг бундай ноёб амалиёти, фикримизча, хориж тажрибасида ҳам ҳали мавжуд эмас.

Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбарининг Қарори юртимиз жамоат ташкилотлари вакилларига билдирилган катта ишонч бўлиб, уларга муайян ваколатлар билан бирга масъулият ҳам юклайди.

Бундан кўзланган мақсад, авваламбор, тинчликни асраб-авайлаш, тинчликнинг қадрига етиш, тинчликни тараннум этиш, десак муболаға бўлмайди.

Эътибор беринг: биз инсоният тарихидаги энг ривожланган даврда яшаяпмиз. Фан-техника тараққиёти янги-янги босқичларга кўтарилмоқда, одамларга қулай шарт-шароит ва имкониятлар яратилмоқда. Бироқ тинчлик, ҳаёт аввалида бўлганидек, ҳозир ҳам энг тансиқ неъмат. Буни дунёнинг ҳар кунги манзараси инсониятга бот-бот эслатиб турибди. Мустақиллик йилларида халқимиз эришган энг катта бойлик, ҳеч шубҳасиз, тинч-тотув ҳаётимиздир.

Жамоатчилик кенгаши фаолияти доирасидаги тадбирларнинг амалий аҳамиятига келсак, илгари ҳарбий қисмларда театр ва кино усталари, хонанда ва санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар, олимлар ва маънавият тарғиботчилари билан учрашув ҳамда мулоқотлар фақат байрамлар муносабати билан ташкил этиб келинган бўлса, эндиликда бундай тадбирлар тизимли ва мунтазам тус олади.

Жамоатчилик вакиллари ҳарбийларимизнинг ҳузурига, ўз навбатида, ҳарбийлар намояндалари жамоатчилик ҳузурига боришини, барча байрам ва яхши кунларни биргаликда нишонлашни кенг йўлга қўйиш, қисқа қилиб айтганда, ҳарбийларимиз билан халқимиз ўртасидаги азалий бирдамлик, меҳр-оқибат, ўзаро эътибор ва эҳтиром, ватанпарварлик ва халқпарварлик туйғуларини янги, янада юксак босқичларда тараннум этишга эришмоғимиз керак. Президентимиз зиммамизга юклаган вазифанинг асл мазмун-моҳияти ҳам шунда.

Қуролли Кучларимиз сафларида наинки ҳарбий интизом ва жанговар техникани, ҳарбий-спорт машқлари ва ҳарбий уставларни қиёмига етказиб ўрганган, айни чоғда ота-онасига, яқинларига, маҳалла-кўйи, Ватанига меҳр-муҳаббати ва садоқатини шеър ва қўшиқ орқали, санъатнинг турли услублари ҳамда воситаларида ёрқин ифода этиш қобилиятига эга бўлган иқтидорли ва салоҳиятли ҳарбийларимиз бисёр.

Бундай ноёб истеъдод соҳиби бўлган офицер ва сержантларни, аскар ва курсантларни излаб топиш, кашф этишга доимий эътибор қаратиш, бу эзгу ишга тизимли ёндашиш даркор. Жумладан, шундай лаёқат соҳиби бўлган ҳарбийларимизнинг ижодий кечаларини, концерт дастурларини, асарлари тақдимотларини доимий равишда ташкил этиб бориш лозим.

Негаки, ҳарбийларимиз, умуман, юртдошларимизнинг ўз касбига, ўз бурчига, ҳаётга кўтаринки руҳ ва тиниқ ижодий кайфият билан ёндашиши юксак интеллект ва маънавият белгиси ҳисобланади. Халқимизнинг қалбида не-не авлодлардан мерос бўлиб келаётган юксак маънавият эса, Президентимиз таъкидлаганидек, енгилмас кучдир.

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси – улкан тарихий аҳамиятга эга ноёб ҳужжат бўлиб, унда суверен давлат ва адолатли жамиятни шакллантиришнинг муҳим асослари, инсон ҳуқуқларига, демократия ва ижтимоий адолатга содиқлик, фуқаролар осойишталиги ҳамда миллатлараро тотувликни таъминлаш мустаҳкамланган.

 

“Адолат” нашриётида нашр этилган

“Ўзбекистон конституциявий давлат сари”

китобидан олинди

 Ушбу китоб мустақил давлатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг маърузаси асосида, Ватанимиз тараққиётининг тарихий шарт-шароитлари, ҳозирги саодатли кунлар ва ёруғ истиқболимиз, халқимизнинг бунёдкорлик руҳи, улкан салоҳиятига оид баҳо ва хулосалар, аниқ таҳлилий факт ва маълумотлардан фойдаланилган. Унда мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституцияси, конституциявий давлат тузумининг туб маъно-мазмуни, ноёб қирралари атрофлича, қизиқарли ва равон тилда очиб берилган.

Китоб давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, халқ таълими муассасалари, вазирликлар, ташкилот ва корхоналарнинг маънавият ва маърифат, ҳуқуқий тарғибот ишлари бўйича масъул ходимлари, ҳуқуқ ва маънавият тарғиботчиларига мўлжалланган.

Опубликовано: 29.11.2016
Укилди (марта): 2