ФИРИБГАР “БАЛИҚЧИ”

24 ёшли Шавкат Носиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) оила қуриб, ҳаётда ўз ўрнини топмаган бўлса-да, иккинчи бор суднинг қора курсисида бошини хам қилиб, айбига иқрор бўлиб ўтирибди. Унинг иккинчи бор содир қилган жиноий ҳаракати суд мажлисида қонунчилигимизда белгиланган тартибда фирибгарлик деб эътироф этилди.

         Шавкат ўша куни “Яллама” қишлоғида яшовчи Маҳмуд Дониёровнинг ишончига кириб, уни алдаб, жами 950 минг сўмлик балиқ маҳсулотларини нархлаб олиб, пулини бир соат ичида олиб келишга ваъда бериб, ваъдасининг устидан чиқмасдан пулларни бермаган. Фирибгар “балиқчи” балиқларни сотиб, пулларини ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Пулларни эгасига қайтаришни эса, хаёлига ҳам келтирмайди.

         Алданганлигини сезган жабрланувчи мазкур иш юзасидан шикоят аризаси билан туман Ички ишлар бўлимига мурожаат қилгач, жиноий иш юзасидан тергов ҳаракатлари бошланди.

Судланувчи суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдирди. Унинг сўзлари дастлабки терговда берилган кўрсатмаларни тасдиқлади.

Шунингдек, суд мажлисида жабрланувчининг, гувоҳларнинг кўрсатмалари ҳам тингланди. М. Дониёров Шавкат етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаганлиги учун унга нисбатан енгиллик беришни сўраб кўрсатма берди.

         Суд ҳукмига кўра, Шавкат Носиров Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 168-моддаси иккинчи қисмининг “б” бандида назарда  тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга нисбатан қонуний асосда тунги вақтда, яъни соат 22:00 дан 6:00 гача бўлган вақтда яшаш жойидан чиқиши чекланган ҳолда 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

         Маҳкум зиммасига озодликни чеклаш тарзидаги жазо чораларига кўра, жиноят содир этишга мойил бўлган шахслар билан алоқа ўрнатмаслик, интернетдан фойдаланмаслик, жабрланувчига етказилган зарар миқдорини қоплаш, назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда туман ҳудудидан ташқарига чиқмаслик каби қўшимча чеклашлар юкланди. Бундан ташқари, унга озодликни чеклаш тариқасидаги жазони бажаришдан қасддан бўйин товлаган, суд томонидан зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган тақдирда суд озодликни чеклаш жазосининг ўталмай қолган муддатларини бошқа турдаги жазога алмаштириши мумкинлиги тушунтирилди.

         Шунингдек, судланувчи ҳисобидан жабрланувчининг фойдасига 1 миллион 526 минг сўм моддий зарар ундириладиган бўлди.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Опубликовано: 11.12.2017
Укилди (марта): 2