ФИДОЙИЛИК ЙЎЛИ

Оталар сўзи - ақлнинг кўзи

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист Мирфайзи Мирсамадов ўз касбига садоқати билан бошқаларга ибрат бўлса арзигулик инсонлардан. Зеро, унинг салкам 30 йиллик умри Адлия вазирлигида фидокорона меҳнат билан ўтди.

У ёшлигидан меҳнатда тобланди. Давр тоши юкли йиллар эди. Оиладаги моддий қийинчилик, замона зайли... Ёш Мирфайзи ти-нимсиз ишлади. Отага қувват бўлиш учун елкасини нималарга тутиб беришга мажбур бўлмади, қайси даргоҳда тер тўкмади, дейсиз. Аммо изланди, ўқиди, тинмай маърифат қидирди. 1958 йилда мактабни тугатгач, яна ишлади, ўқиди. 1962-65 йилларда аскарлик бурчини ҳам уддалаб қайтди.

Мирфайзи Мирсамадов ўз меҳнат фаолиятини 1966 йилда Тошкент шаҳар газ аппаратларини таъмирлаш бўйича уста бўлиб ишлашдан бошлади ва шу йили олий таълим даргоҳига ўқишга кирди. 1972 йилда ТошДУнинг ҳуқуқшунослик факультетини имтиёзли диплом билан тугатгач, дастлабки ҳуқуқий қадамни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Қонунчилик бош бошқармасида катта маслаҳатчилик лавозимидан бошлади. У ўзининг меҳнатсеварлиги, ҳуқуқшунослик бўйича чуқур билимга эга эканлиги ва топширилган ишга сидқидилдан ёндашиши билан ажралиб турарди. Шу боис тез орада етакчи маслаҳатчи лавозимига тайинланди. Яна кўп ўтмай унинг ҳаракатчан ва ташаббускорлиги ходимлар билан ишлаш қобилияти ва зийраклигига яна бир бор ишонч ҳосил қилингач эса, вазирликнинг норматив (меъёрий)  актлар  бўлими сектор мудири лавозимини эгаллади.

Мирсамадов оқибатли инсон. Уни устоз кўрганлардан дейишлари бежиз  эмас. Чунки Мирфайзи ака мамлакатимизнинг таниқли юристларидан бири, Ўзбекистон Республикасида хизмат  кўрсатган фан арбоби, адлия вазири даражасига эришган, профессор Мамлакат Собировна Восиқовадан сабоқ олганлардан. У бу инсонни  эъзоз билан эслаб юради. Яна бир устози сифатида Республикада хизмат кўрсатган юрист Раъно Юнусовна Каримовани фахр билан тилга олади.

Таъкидлаш жоизки, Мирфайзи ака тўплаган ҳуқуқий ҳужжатлар чоп этилган 24 та китобда бошқа масъуллар қаторида ана шу устозларининг номлари ҳам қайд этилган. Шунингдек, Мирфайзи ака Ўзбекистон Республикасининг 8 жилдли қонунлар тўпламини чиқаришда масъулият билан бевосита иштирок этди. Республикамизда қабул қилинган қонун мажмуалари — кодексларининг нашрга тайёрланишида унинг меҳнати самарали бўлганлигини кўпчилик ҳуқушунослар яхши билишади.

Мирфайзи  Мирсамадовни адлия соҳаси идоралари ходимлари ўзи юрар энциклопедия, дейишади. Бу гапда, муболаға йўқ, албатта.  Чунки маслаҳат билан мурожаат қилган ҳар бир ходим у кишидан доимо малакали фикр ва йўл-йўриқ олиб келган ҳамиша. У вазирликнинг вилоят бошқармалари, бўлимлари, нотариал идоралари, ФҲДЁ ҳамда судларида ҳаракатдаги қонунчиликдан амалиётда фойдаланиши ва кундалик ишда қўлланилиши тартибини назорат қилиб бориш билан бирга, соҳа ходимларидан доимий амалий ёрдамини аямайди. Унинг меҳнатсевар, жонсараклиги билан бирга талабчанлик ва қатъиятлилик фазилатларини ҳам тан олишади, тез-тез бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишади.

Мирфайзи ака фаол жамоатчилиги билан ҳам танилган. Бир неча марта Адлия вазирлиги касаба уюшмалари раислигига сайланган. Хуллас, бу инсон ҳақида яна кўп илиқ сўзлар айтиш мумкин. Бунга  унинг кўкрагини  безаб  турган ҳукумат мукофотлари ҳам гувоҳ

 

: “Меҳнатда ўрнак кўрсатганлиги учун” медали, Ўзбекистон Республикасининг Фахрий Ёрлиғи, Меҳнат фахрийси унвони 1995 йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 4 йиллиги муносабати билан “Шуҳрат” медали соҳиби бўлган эди. Самарали меҳнатлари муносиб тақдирланиб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 8 йиллиги тантаналари арафасида у Ўзбекистон Рсспубликаси Президенти Фармони билан “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган юрист” унвонига ҳам эга бўлди.

М. Мирсамадов ҳақида ҳамкасблари,  дўстлари, камтарин,  тўғрисўз, дўстларга ғамхўр, фарзанд ва оила аъзоларига меҳрибон шахс сифатини бериб, тўлиб-тошиб сўзлашади. Қаҳрамонимиз ҳаётда кўп нарса топди. У ая билан 5 нафар фарзандни тарбиялаб, эл қаторига қўшди ва бугун меҳнати мевасини тотиб, набираларнинг ардоғида яшамоқда.

Мирфайзи Мирсамадов 2002 йили нафақага чиққан бўлса-да, керакли кадр сифатида фаолиятини тўхтатгани йўқ. Ўшандан буён Адлия вазирлиги ҳузуридаги "Адолат" нашриётида ҳуқуқий адабиётлар таҳрир бўлими мудири лавозимида фаолият юритиб келди. Нашриётда чоп этилаётган китоб ва қўлланмаларни нашрга тайёрлаш чоғида тажрибали ҳуқуқшуноснинг йиллар давомида тўплаган билимлари ҳамиша қўл келди. Мирфайзи аканинг етук мутахассис эканлигини таъкидлаган шогирдларининг аксарияти у кишини касбига садоқатли инсон сифатида қадрлайдилар. Мирфайзи Мирсамадов ҳозирги кунда ҳам бор билим ва тажрибасини ёш ходимларга ўргатиб, ҳуқуқий нашрларнинг сифатли чоп этилишига муносиб ҳисса қўшиб келмокда.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Узбекский
Опубликовано: 27.06.2015
Укилди (марта): 2