ДАВЛАТ ТИЛИ — ФАХРИМИЗ, ҒУРУРИМИЗ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг Байроғи, Герби, Мадҳияси қаторида турадиган, қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзига айланди.

Тил — миллат қиёфасининг бир бўлаги. Шу сабабли ҳали мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ ўзбек тилига давлат тили мақоми берилди. Дунёдаги барча халқ ўзининг миллий расмий тилига эга, деб айтолмаймиз. Чунки бу халқнинг миллий мустақиллиги билан боғлиқ. Бу оламшумул ҳодисанинг туб моҳиятини келажак авлод онгига сингдириш, унга муҳаббати, садоқатини янада мустаҳкамлаш шу тил жонкуярлари — ўқитувчилар, тилшунослар, умуман ўзини шу миллатнинг фарзанди деб билган ҳар бир шахснинг ҳар кунлик бурчи бўлиши шарт. Шундагина ўсиб келаётган ёш авлод тил нега миллий ғурур эканлигини ҳис этадиган, турли маънавий, мафкуравий таҳдидлар таъсирига тушмайдиган бўлиб етишади.

Дунё олимларининг эътирофига кўра, бугунда ер юзи аҳолиси 2 минг 976 хил тилда гаплашади. Бу тиллар ўзининг лексик ва грамматик хусусияларига кўра тил оилалар ва гуруҳларига бўлинади. Жонажон ўзбек тили — она тилимиз хусусида сўз кетганда, унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқега эга эканлигини кўрамиз. Она тилимиз — ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Бу мамлакатимиз, юртдошларимиз ҳаётидаги унутилмас, тарихий воқеага айланди. Айни пайтда тилимизнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлаш, юксалтириш учун ҳам беқиёс имконият яратилди.

Ҳар йили 21 октябрь юртимизда ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида кенг нишонланади. Ушбу санага бағишланган тадбирларда “Давлат тили ҳақида”ги Қонуннинг ижроси юзасидан амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил этилиб, галдаги вазифалар белгилаб олиниши яхши анъанага айланган.

Тилнинг эгаси халқ, аммо халқнинг битта вакили лоқайд бўлса ҳам тилнинг софлигига путур етади. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тил маданиятига амал қилинмаса, миллий маданиятга доғ тушади. Шу сабабли ўзбек тилининг ҳудудимизда давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги Қонуни уч принципга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга асосланади. Шу маънода ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилида сўзлай олиш ва уни ҳурмат қилишга мажбур.

Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили — миллатнинг руҳидир.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрўси ошиб, у фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланаётгани, хориждаги қатор таълим даргоҳларида, илмий муассасаларда ўзбек тили марказлари ташкил этилиб, уларда она тилимизни ўрганишга қизиқувчилар сони кўпайиб бораётгани бунинг яққол далилидир. Дарҳақиқат, ҳар бир миллатнинг, халқнинг ўтган куни, бугуни ва келажагини, унинг мавжудлигини биргина омил — она тили билдириб туради. Жонажон ўзбек тили — она тилимиз хусусида сўз кетганда, шубҳасиз унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқега эга эканлигини кўрамиз.

Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, “Давлат тили ҳақида”ги Қонун она тилимизнинг бор гўзаллиги ва жозибасини тўла намоён этиш билан бирга, уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Олимлар ва мутахассислар томонидан илм-фан ва турли соҳаларга оид энциклопедия ва луғатлар, дарслик ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосининг яратилиши уни амалиётга татбиқ этилиши ҳам шу ишларнинг узвий давоми бўлди. Эътироф этиш керакки, дунёдаги 200 та тил бугунда давлат тили мақомига эришган бўлиб, шулар орасида ўзбек тили ҳам бор. Бу эса, ҳар биримизнинг қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотиб, тилимиз софлигини сақлашда зиммамизга масъулиятлар ҳам юклайди. Ёш авлодни ана шу руҳда тарбиялаш эса педагоглар, қолаверса, кенг жамоатчиликнинг вазифаси, бурчи ҳисобланади.

Ўзбек тилининг бой имкониятлари бугунги кунда тилшуносларимиз томонидан чуқур ўрганилмоқда. Тилимизни эъзозлаш, ёш авлодни она тилига ҳурмат руҳида тарбиялашда буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолияти катта ибрат мактабидир. Ҳар бир миллатнинг, халқнинг ўтган куни, бугуни ва келажагини, унинг мавжудлигини биргина омил — она тили билдириб туради. Жонажон ўзбек тили — она тилимиз хусусида сўз кетганда, шубҳасиз унинг дунё тиллари орасида ўзига хос мавқеига эга эканлигини кўрамиз.

Ўзбек адабий тили туркий тиллар гуруҳига мансуб бўлиб, у мустақил тил сифатида XI асрдан бошлаб шакллана бошлади ва то ҳозирги кунимизгача бу тилда кўплаб илмий ва бадиий асарлар яратилди. Хусусан, Махмуд Қошғарийнинг “Девони луғотит-турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”, Хоразмийнинг “Муҳаббатнома”, Рабғузийнинг “Қиссаи Рабғузий”, шунингдек, Атойи, Саккокий, Сайфи Сароий, Мавлоно, Лутфийларнинг яратган бой илмий-адабий меросларини тилга олиш мумкин.

Айниқса, туркий тилнинг беқиёс имкониятларини кўрсатишда Алишер Навоийнинг буюк хизматларини алоҳида эътироф этиш жоиз. Ҳазратнинг нафақат бадиияти, балки тилшуносликка бағишланган “Муҳокомат ул-луғатайн”, яъни “Икки тил муҳокамаси” номли асари шу соҳадаги қиёси йўқ манба ҳисобланади.

Қолаверса, шоҳ ва шоир Бобур Мирзонинг тилимизда яратган гўзал асарлари бугун ҳам ўқувчилар томонидан севиб мутолаа қилинади. Албатта, она тилимизнинг тараққиёти юқорида номлари келтирилган буюк аждодларимизнинг юксак муҳаббатида кўриниб туради.

Ҳозирги ўзбек адабий тили меъёрлаштирилган бўлиб, тилимизнинг луғат бойлиги, товуш тизими ва грамматик қурилиши олимлар томонидан илмий асосларда ўрганилган. Бу соҳадаги изланишлар бугун ҳам давом этмоқда. Айтиш жоизки, ўзбек тили мамлакатимиз мактабларида ХХ асрдан бошлаб ўқитила бошланди. Таълим жараёнида кишиларимизнинг тилга оид билимлари шакллантирилиб, нутқий саводхонлик даражаси ўстириб борилди.

Бугун мактаб, коллеж, академик лицейлар ва олий ўқув юрти талабалари учун янги авлод дасликлари яратилиб, уларда тилимизни янгича асосда ўрганишга эътибор қаратилмоқда. Бу эса, шубҳасиз ўзининг ижобий натижаларини бериб келмоқда.

Тил — миллатимиз фахри, ғуруридир. Айни чоғда орзу-умидларимиз, истиқлолимиз унда бўй кўрсатадиган, қалбимиз ойнаси ҳамидир. Шундай экан, она тилимизга доимо ҳурмат ва эътиборда бўлиб, унинг жамиятимиздаги мавқеини юксалтиришга ҳар биримиз ўз ҳиссамизни қўшайлик. Зеро, тил бор экан миллат барҳаёт, унинг истиқболи нурли ва чароғондир.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Узбекский
Опубликовано: 23.10.2015
Укилди (марта): 2