ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ НИМА ва ундан қачон, қай тартибда фойдаланамиз?

Мамлакатимизда давлат хизматлари кўрсатиш тизими изчиллик билан такомиллаштирилиб, модернизация қилинмоқда. Бу эса, аҳолининг ҳаёт сифати, ишчанлик муҳитини яхшилаш ва бизнесни ривожлантириш имконини беради.

2003 йилдан буён тадбиркорлик субъектларини “ягона дарча” тамойили бўйича рўйхатдан ўтказиш туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш инспекциялари томонидан амалга ошириб келинган бўлса, 2016 йил 1 январдан бошлаб Инспекциялар негизида Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари ташкил этилди. 2017 йил 1 февралдан эса, Ягона марказлар туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари тузилмасидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги тасарруфига ўтказилди. Бу ўзгариш натижасида Ягона марказлар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 33 тагача ошди.

2017 йил 1 апрелдан бошлаб рўйхатга олиш тартиб-таомилларини 30 дақиқагача қисқартириш имконини берувчи тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказишнинг автоматлаштирилган тизими ишга туширилганлиги “Doing Business 2018” глобал рейтингидаги “Бизнесни рўйхатдан ўтказиш” кўрсаткичи бўчшча Ўзбекистоннинг мавқеини 24-ўриндан 11-ўринга олиб чиқди.

Давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари эҳтиёжларини тўлиқ қаноатлантирадиган сифат жиҳатидан янги даражага ўтишига айрим тизимли муаммолар тўсқинлик қилиб келар эди. Жумладан, “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш имкониятидан фақат тадбиркорлик субъектлари фойдаланиши мумкин эди. Фуқаролар эса, турли давлат органларида ҳужжатларни расмийлаштириш бўйича мураккаб тартиб-таомиллардан ўзлари ўтишлари зарур эди. Шунингдек, бир қатор давлат органларида ахборот тизимлари, ресурслари ва маълумотлар базалари мавжуд эмаслиги, улар идоралараро интеграция қилинишининг паст даражада эканлиги жисмоний ва юридик шахслар томонидан барча давлат хизматлари мажмуасидан қулай ва ўз вақтида фойдаланишни таъминламаётганди. Бундан ташқари, эндиликда жойларда Давлат хизматлари марказларининг ташкил этилишида бир қатор муамолар ҳисобга олинди. Яъни, ахборот-коммуникация технологиялари жорий этилишининг паст даражада эканлиги, қоғоз ҳужжатлар айланмасининг асоссиз молиявий харажатларга, фуқароларнинг идораларда кўп вақт кутиб қолиши, навбатлари юзага келишига сабаб бўлаётган, бундай ҳолатлар коррупция ва бюрократияни келтириб чиқараётганди.

Маълумки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга ошириш, шунингдек, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишини таъминлаш давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини тубдан ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишлари деб ҳисобланди. Шу асосда аҳолининг давлат хизматларидан кенг фойдаланишини таъминлашда вақт ва молиявий харажатларни камайтириш, фуқароларнинг давлат органлари фаолиятидан қаноатланганлик даражасини ошириш мақсадида 2018 йил 1 январдан Тадбиркорлик субъектларига “ягона дарча” тамойили бўйича давлат хизматлари кўрсатиш ягона марказлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг туман (шаҳар)лардаги Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият юритувчи Давлат хизматлари марказларига айлантирилди.

Жисмоний ва юридик шахсларга “ягона дарча” тамойили бўйича, шу жумладан, олис жойларга чиққан ҳолда давлат хизматлари кўрсатиш Давлат хизматлари марказларининг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Давлат хизматлари марказлари орқали аҳолига юқори сифатда, тезкор, қулай имкониятда хизмат кўрсатилиши белгиланди. Шунингдек, мазкур соҳада бюрократия, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларга йўл қўймаслик, идоралараро ҳамкорликни, энг аввало, давлат хизматлари кўрсатиш учун зарур ҳужжат ва ахборотларни тезкорлик билан олишни таъминловчи электрон ҳамкорликни амалга ошириш белгилаб берилди.

Давлат хизматлари кўрсатишда жисмоний ва юридик шахсларга малакали ахборот ва маслаҳат ёрдамлари ҳам кўрсатилади. Фармонга кўра, ваколатли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатишда қонун ҳужжатлари ва маъмурий регламентлар талабларига риоя этилиши таъминланади.

Аҳолига “ягона дарча” тамойили бўйича фақат Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматлари 2018 — 2020 йилларда босқичма-босқич тартибда жорий этилади.

Жумладан, 2018 йил 1 апрелга қадар жисмоний ва юридик шахсларга “Муҳандислик-коммуникация тармоқларига “тайёр ҳолда” уланиш”, “Бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни (фасадини таъмирлашни) келишиш”, “Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсат бериш”, “Архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш”, “Лойиҳа ҳужжатларини келишиш”, “Қурилиш-монтаж ишларини амалга оширишга рухсат бериш”, “Якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) рухсат бериш”, “Қурилиши тугалланган (реконструкция қилинган) объектни фойдаланишга қабул қилиш”, “Ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесишга рухсат бериш”, “Сувдан махсус фойдаланиш ёки сувни махсус истеъмол қилиш учун рухсат бериш”, “Ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланишга рухсат бериш”, “Болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича ариза бериш”, “Фуқарони жамғариб бориладиган пенсия тизимида ҳисобга қўйиш” бўйича хизматлар кўрсатиш бошланади. Шунингдек, 2018 йил 1 сентябрга қадар жисмоний ва юридик шахсларга “Туғилганликни қайд этиш”, “Адлия органлари ва муассасаларидан чиқадиган расмий ҳужжатларга апостиль қўйиш”, “ФҲДЁ ва нотариат органлари томонидан архив ҳужжатларини бериш”, “Судланганлик ҳақида маълумотнома бериш”, “Жисмоний шахс — солиқ тўловчининг солиқ ва бошқа қарзи йўқлиги (борлиги) ҳақида маълумотнома бериш”, “Жисмоний шахсларга СТИР бериш” бўйича давлат хизматлари кўрсатиш имкониятлари яратилади. 2019 йил 1 январга қадар эса, “Турган жойи бўйича прописка қилиш, пропискадан чиқариш, ҳисобга олиш”, “Вақтинча яшаш (прописка) учун рухсатномаларни бериш ва муддатини узайтириш”, “Ҳарбий ҳисобга қўйиш”, “Электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш (ҳисоблагич) ускунасини ўрнатишга ариза бериш”, “Электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш ускунаси (ҳисоблагич)ни ечишга ариза бериш”, “Электр энергияси, табиий газ, сувни ҳисобга олиш ускунаси (ҳисоблагич)ни текширишга ариза бериш”, “Тренерлик фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш” бўйича давлат хизматлари кўрсатила бошланади.

2019 йил 1 июлга қадар эса, Давлат хизматлари маркаларидан “Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатлар топшириш”, “Хорижий мамлакатларда берилган таълим тўғрисидаги ҳужжатларни тан олиш ва нострификация қилиш (эквивалентликни белгилаш)”, “Ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга санаторийларда имтиёзли даволаниш ва йўлланмаларни расмийлаштириш”, “Меҳнат органларида фуқароларни ишсиз сифатида рўйхатга олиш”, “Ишсизлик нафақасини тайинлаш”, “Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширишга рухсатнома” олиш имкониятлари яратилади.

2020 йил 1 январга қадар “Ўқиганликни тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномаси бериш”, “Иш стажини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномаси бериш”, “Иш ҳақини тасдиқлаш ҳақида архив маълумотномаси бериш”, “Таълим тўғрисидаги ҳужжатларнинг дубликатини бериш”, 2020 йил 1 июлга қадар эса, “Ихтирога патентлар олиш”, “Фойдали моделга патентлар олиш”, “Саноат намунасига патентлар олиш”, “Селекция ютуғига патентлар олиш”, “Товарнинг келиб чиққан жой номидан фойдаланиш ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома олиш”, “Товар белгисига доир гувоҳнома олиш”, “Интеграл микросхемалар топологияси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома олиш”, “ЭҲМ учун яратилган дастурлар ва маълумотлар базаларини рўйхатдан ўтказиш ҳуқуқини олиш ва уларни рўйхатдан ўтказиш” бўйича тегишли ҳужжатлар Давлат хизматлари марказларида расмийлаштирилади.

2020 йил 1 ноябрга қадар Давлат хизматлари марказларида “Ўлимни қайд этиш”, “Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувига ўзгартириш, тузатиш ва қўшимчалар киритиш”, “Такрорий гувоҳномалар бериш”, “Никоҳ тузишни қайд этиш”, “Никоҳдан ажралишни қайд этиш”, “Фамилия, исм ва ота исмини ўзгартириш”, “Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувини тиклаш”, “Оталикни белгилаш”, “Фарзандликка олиш”, “Пенсия тайинлаш (ёшга доир, ногиронлик, боқувчисини йўқотганлик бўйича)”, “Ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва тегишли гувоҳнома бериш”, “Бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дов-дарахтларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ва тегишли гувоҳнома бериш”, “Кўчмас мулкка ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳақидаги кадастр ишини тайёрлаш”, “Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш” бўйича маълумотнома олиш имконияти яратилади.

Мухтасар қилиб айтганда, эндиликда жисмоний ва юридик шахслар тегишли ҳужжатларни юқоридаги тартибда Давлат хизматлари марказларидан олишлари мумкин.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Опубликовано: 26.03.2018
Укилди (марта): 2