БОШ ҚОМУСИМИЗДА САЙЛОВ ҲУҚУҚИ

Мустақиллигимиз қомуси бўлган Конституциямиз халқимиз ижтимоий-сиёсий, маьнавий-иқтисодий ҳаётида катта аҳамиятга эгадир. У Ўзбекистонда яшаётган фуқароларнинг дунёқарашини, ўзаро муносабатлар, меҳр-оқибат, ўзга миллат ва элатларга нисбатан ҳурмат, илмга интилиш, ор-номус каби юксак олижаноб фазилатларни ҳам ўзида мужассамлаштирган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллик берган ҳуррият тимсолидир аслида. Унинг тарихий аҳамияти ва моҳияти шундан иборатки, унда республикамиз фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги, қадриятлари, урф-одатлари, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ўз ифодасини топган. Шунинг учун ҳам халқимиз ҳар йили 8 декабрда Ўзбекистон Конституцияси байрамини ўзига хос кайфиятда нишонлайди.

Конституция лотинча сўз бўлиб “ўрнатаман”, “белгилаб қўяман” деган мазмунни ифода этади. Ўзбек тилида “асосий қонун”, яъни давлатни бошқариш, унинг ички ва ташқи ҳудудларини идора қилиш каби маьноларни англатади. Бу қомусий ҳужжатнинг халқчилиллиги шундаки, унда миллий урф-одатларимиз, аньаналаримиз, эьтиқодимиз, умуман, миллий қадриятларимиз ҳимояси ва равнақи аниқ белгилаб қўйилган.

Асосий Қонунимизнинг VIII боби “Сиёсий ҳуқуқлар” деб номланади. Мазкур бобдаги 32-моддага кўра: “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига эгадирлар. Бундай иштирок этиш ўзини ўзи бошқариш, референдумлар ўтказиш ва давлат органларини демократик тарзда ташкил этиш, шунингдек давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ривожлантириш ва такомиллаштириш йўли билан амалга оширилади.

Давлат органларининг фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш тартиби қонун билан белгиланади.”

Конституциямизнинг 13-моддасида шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кура инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”.

Мустақиллик даврида Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат қурилмокда. Чинакам демократиянинг зарурий ва ҳуқуқий таркиби сифатида кўппартиявийлик принципи амалда шаклланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва парламент сайловларининг кўппартиявийлик принципи асосида ўтказилаётганлиги ҳам бунинг ёрқин исботидир.

Конституциянинг 90-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган, давлат тилини яхши биладиган, бевосита сайловгача камида 10 йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароси сайланиши мумкин.” 

Конституциянинг XXIII боби “Сайлов тизими” деб номланган. 117-моддага кўра: “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгадирлар. Ҳар бир сайловчи бир овозга эга. Овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – декабрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловлар умумий, тенг ва тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи асосида яширин овоз бериш йўли билан ўтказилади. Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролари сайлаш ҳуқуқига эгадирлар.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органлари депутатларининг тегишли қўшма мажлисларида мазкур депутатлар сайланганидан сўнг бир ой ичида улар орасидан яширин овоз бериш йўли билан сайланадилар.

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаролар, шунингдек суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган шахслар сайланиши мумкин эмас ва сайловда қатнашмайдилар. Бошқа ҳар қандай ҳолларда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини тўғридан-тўғри ёки билвосита чеклашга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бир вақтнинг ўзида иккидан ортиқ давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати бўлиши мумкин эмас.

Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайловни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси референдумини ташкил этиш ва ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан фаолиятининг асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси тузилади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ўз фаолиятини доимий асосда амалга оширади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги ҳамда референдум тўғрисидаги қонунларига ва бошқа қонунларга амал қилади.”

Бош Қомусимизда Ўзбекистон фуқароси бўлган барча миллат ва элатларнинг тили, урф-одатлари, миллий аньаналарини ҳурмат қилиш кафолатланган. Бу эса, ана шу миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ришталари мустаҳкамлиги гаровидир.

Асосий Қонунда адолат, иймон, олижаноблик, фидойилик, инсонга ғамхўрлик, мардлик сингари миллийлигимизнинг белгиси бўлган улуғ фазилатлар акс эттирилган. Ўзбекистонда яшовчи барча фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришини таьминлаш, инсонпарвар ҳуқуқий давлат барпо этиш каби олижаноб ғоялар ўз ифодасини топган.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон – миллати, дини, ижтимоий аҳволи, сиёсий эътиқодидан қатъи назар, умумбашарий инсонпарварлик қоидаларига асосланган ҳолда, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳақиқатда таъминлаб берадиган давлатдир. Ўзбекистон Республикаси Конституция ва қонунларининг пировард мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборатдир. Улуғ бобомиз Амир Темур айтганидек, “қаерда адолат ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади”. Ҳар биримиз эса, конституциявий ҳуқуқларимиз устувор жамиятда, озод ва обод мамлакатда яшаётганимиз бахтиёрлигимиздир, албатта.

 

Азиз ИМАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлиги

ҳузуридаги ихтисослаштирилган

 “Адолат” нашриёти ходими

Опубликовано: 24.11.2016
Укилди (марта): 2