БАЙРАМ БАЙРАМДЕК ЎТСИН!

Янги йил яқинлашиши билан байрамолди тайёргарликлар бошланиб кетади. Кимдир ҳовлисига арча кўчатини экиб, янги йилни табиий арча билан кутиб олгиси келса, бошқа биров уй ичида безатилган сунъий арчага ўйинчоқлар илишни хуш кўради. Байрам кечаси кимдир меҳмондорчиликка боришни хушласа, кимдир янги йилни тўкин дастурхон атрофида оила даврасида кутиб олгиси келади.

Айримлар эса... байрамни баҳона қилиб қўлбола усулда ясалган қарсилдоқлар, халқ тили билан айтганда, “пақилдоқ”лар ясаб, даромад топгиси келади. Шу баҳона байрамнинг файзига “файз” қўшмоқчи бўлади ўзича. Уни бу ишида айбласангиз, “байрам байрамдек ўтсин-да!” деб қўяди ўзининг қилмишидан заррача ор қилмай, завқланганича.

Маълумки, мамлакатимизда қонун ҳужжатлари билан пиротехник воситалар савдоси чекланган. Бундай воситаларни юртимиз ҳудудига олиб кириш, пиротехника воситалари билан савдо қилиш ҳоллари учун тегишли жазо чоралари белгиланган. Бироқ, ўрганган кўнгил ўртанса қўймас, деганларидек, айрим кишилар ҳанузгача яширин йўллар билан юртимизга олиб кирилган пиротехник воситалар билан савдо қилишмоқда. Ёки ўзи қўлбола қарсилдоқлар ясаб, сотмоқда.

Байрамолди кунларида кўча-кўйда юришга чўчиб, пақ-пақлардан “юрак олдириб” қўйган кекса ёшдаги кишилар, ёш болалар, ҳомиладор аёллардан бу ҳақда эшитиб, наҳотки, бундай мушакбозликлар, одамларнинг тинчини бузиш, саломатлигига салбий таъсир қиладиган воситаларни ясаётганларни тартибга чақиришимиз мумкин эмас, деган фикр ўтади хаёлингиздан. Маҳалла-кўйдаги масъуллар, қолаверса, катта ёшлилар ёшларга дакки берса, тўғри йўлга бошласа, албатта, бора-бора бу каби кераксиз одатлар йўқолиб кетади.

Пиротехника воситалари савдоси авж олган йилларни бир эсланг! Ўша йиллари байрамолди кунлари, айниқса, байрам кечасида мушакбозлик ҳаддан ташқари авж олар, касалхоналар нотўғри фойдаланилган пиретехника воситаларидан зарарланганлар ёки “пақ-пуқ”лардан сесканиб, юраги безовта бўлганлар билан тўлар эди. Қонун ҳужжатлари билан қаттиқ тартиблар белгилангач, аҳвол яхшиланди. Ҳатто сезиларли даражада ўзгарди.

Байрамни мушакбозлик билан кутиб олиш ким учундир қизиқарли бўлиши мумкин. Аммо бу воситаларнинг шундай ғалати турлари борки, улардан фойдаланиш бир қатор кўнгилсизликларни келтириб чиқаради, овози соғлом юракка, асаб толаларига етарлича салбий таъсир кўрсатади. Кўча-кўйда ора-сирада бўлсаям эшитиладиган, ёшлар учун эрмакка айланган “пақилдоқ”нинг юракни ўйнатадиган товушидан ҳамма безиллаб қолган. Бугун ҳам оммавий ахборот воситалари орқали унинг зарарли оқибатлари ҳақида кўп чиқишлар қилинмоқда. Аммо уни яширинча сотадиганлар учун даромад муҳимроқ кўринади.

Юртимизга пиротехника воситалари кириб келишига ва сотилишига қатъиян чек қўйилган. Катта-ю кичик учун бирдай зарарли бўлган пиротехника воситалари ортидан келадиган хавф бартараф этилиб, ҳаётимизнинг ҳар бир куни осойишта ўтишини таъминлашга хизмат қилмоқда.  

Ора-сирада гуручнинг орасида курмакдек учраётган қўлбола қарсилдоқларни йўқотиш эса, кўпроқ сизу бизга боғлиқ бўлиб қолмоқда, азиз газетхон! Бундай қўлбола усулда ясалган қарсилдоқлардан юз-кўзи, тана аъзолари қаттиқ зарарланиб, байрамни касалхонада кутиб олганлар ҳақида ҳам эшитганмиз. Ўйлаймизки, бу каби кўнгилсизликларни ўзингизга раво кўрмайсиз. Байрам байрамдек ўтсин, бир зумда пақ-пақ қилиб одамни қўрқитадиган, юракни хадикка соладиган кераксиз қарсилдоқлар ўрнига болажонлар учун қизиқарли китоблар, ширинликлар, яқинларимиз учун янги йил совғалари харид қилайлик! 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Опубликовано: 26.12.2017
Укилди (марта): 1