Банкротлик тўғрисидаги ишларни ҳал этишнинг хусусиятлари

Мамлакатимизда кредиторлар даъволарини қондириш мақсадида хўжалик юритиш субъектлари бўлмиш юридик ва жисмоний шахсларни банкрот бўлган деб эътироф этиш шартлари ва тартиби “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунда белгилаб берилган, лекин у ўз фаолиятини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширадиган корхона-ташкилотларга нисбатан татбиқ этилмайди. Ушбу қонунда белгиланишича, банкротлик (иқтисодий ночорлик) деганда, хўжалик суди томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги тушунилади. Демак, банкротлик институти иқтисодий ночор, бироқ ўз тўлов қобилиятини тиклаш имкониятига эга корхоналарни молиявий жиҳатдан соғломлаштириш ёки иқтисодиётни худди шундай ночор аҳволдаги, рентабелсиз, яъни ўз харажатини ўзи кўтара олмайдиган, даромадсиз ва истиқболига ишонч йўқ хўжалик юритувчи субъектлардан халос этиш йўли билан мустаҳкамловчи жорий механизмлардан бири ҳисобланади.

Банкротлик тўғрисидаги ишлар хўжалик суди томонидан қуйидаги ҳолатларда қўзғатилади: агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар энг кам иш ҳақи миқдорининг камида беш юз каррасини ташкил этадиган бўлса; қарздор якка тартибдаги тадбиркорга нисбатан энг кам иш ҳақи миқдорининг камида ўттиз каррасини ташкил этадиган бўлса (“Банкротлик тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддаси). Шу ўринда савол туғилади: агар банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда қарздорлик суммаси энг кам иш ҳақининг беш юз каррасидан кам ёки якка тадбиркорга нисбатан ўттиз каррасидан кам бўлса, иш қўзғатилиши мумкин эмасми? Бундай ҳолатда юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ўз фаолиятини давом эттиришга қурби етмаса, тугатилиши лозим. Шундан кейин тугатиш комиссияси тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки унга қўйилган талабларни тўлиқ қаноатлантиришга етарли эмаслигини аниқлагач, қарздорни соддалаштирилган тартиб бўйича банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилади. Хўжалик суди тугатилаётган юридик шахсни соддалаштирилган тартибга асосан банкрот деб топади ва тугатишга доир иш юритишни бошлаш тўғрисида қарор чиқаради. Қонунчиликда банкротлик аломатларини аниқлашда кредитор талабининг қуйидаги икки тури: қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича ҳамда мажбурий тўловлар бўйича, яъни со­лиқ, йиғим, божларни тўлаш бўйича талаби белгиланган. Қолган бошқа талабларнинг бажарилмаслиги корхона ёки тадбиркорнинг банкрот деб топилишига асос бўлмайди.

Банкротлик тўғрисидаги иш “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ хўжалик судига мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган шахснинг (органнинг) аризаси асосида қарздор жойлашган ердаги (яшаш жойидаги) хўжалик суди томонидан қўзғатилади. Қайд этиб ўтиш лозимки, қарздорнинг банкротлиги тўғрисидаги ишлар Ўзбекистон Республикасининг Хўжалик процессуал кодексида назарда тутилган қоидалар бўйича, “Банкротлик тўғрисида”ги қонунда белгиланган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда хўжалик суди томонидан кўриб чиқилади. “Банкротлик тўғрисида”ги қонун юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкротлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солиб, унда банкротликнинг асосий тушунчалари, банкротликка доир ишларни ҳал этиш тартиби, қарздор ва кредиторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек банкротликка оид ишларни хўжалик судида кўриш ва шу каби бошқа масалалар ўз аксини топган. Жумладан ушбу қонунининг 37-44-моддаларида хўжалик судига банкрот деб топиш тўғрисида ариза бериш тартиби, унга илова қилинадиган ҳужжатлар ариза берадиган субъектлар доирасида белгилаб қўйилган. Жумладан, қонуннинг 49-моддасида ушбу тоифадаги ишларни кўриш муддати белгилаб қўйилган бўлиб, унга асосан банкротлик тўғрисидаги иш хўжалик судининг мажлисида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши лозим. Банкротлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда икки ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин. Шунингдек, кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув ёки тугатишга доир иш юритиш жараёнида суд бошқарувчиси берган аризалар, шу жумладан, ўзи билан кредиторлар ўртасида, ўзи билан қарздор ўртасида келиб чиққан келишмовчиликлар тўғрисида берган аризалар, шунингдек кредиторларнинг ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари бузилганлиги хусусидаги шикоятларини кўриб чиқиш бу ариза ва шикоятлар олинган кундан эътиборан ўн беш кунлик муддатдан кечиктирмай хўжалик суди томонидан амалга оширилади.

Банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқиш натижалари бўйича хўжалик суди “Банкротлик тўғрисида”ги қонуннинг 50-моддасида белгиланган суд ҳужжатларидан бирини қабул қилади. Банкротлик тўғрисидаги иш бўйича суд ҳужжатлари, қонунда бошқача қоида белгиланган бўлмаса, дарҳол ижро этилиши лозим.

Такидлаб ўтиш лозимки, мамлакатимизда банкротликка оид қонунчилик янада такомиллашмоқда. Жумладан 2014 йил 5 сентябрда матбуотда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун шу соҳани янада ривожлантириш, хусусан, банкротликка оид қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилганлиги билан ниҳоятда аҳамиятлидир. Унга кўра, хўжалик суди томонидан тайинланадиган суд бошқарувчиси зиммасига сохта банкротлик, уни яшириш, қасддан банкротликка олиб келиш аломатларини аниқлаш бўйича ҳаракатларни амалга ошириш вазифаси юклатилди. Шу ўринда Президентимизнинг 1998 йил 4 мартдаги “Хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий ночорлиги ва шартнома мажбуриятларининг бажарилиши учун мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш тўғрисида”ги Фармонларида хўжалик юритувчи субъектлар раҳбарлари корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш учун шахсан жавобгарлиги, пул маблағлари ва бошқа мулкдан оқилона фойдаланилмаганлиги, тўлов интизоми бузилиши, шартнома мажбуриятлари бажарилмаслиги ва корхоналарни банкрот бўлиш даражасигача етказиш учун қаттиқ жавобгарликка, ҳатто жиноий жавобгарликка тортишгача олиб келиши кўрсатилганини ҳам таъкидлаш ўринлидир. Шулардан келиб чиққан ҳолда, Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ҳам қўшимчалар киритилди. Хусусан, Жиноят кодекси 181-1-модда билан тўлдирилиб, эндиликда қасддан банкротликка олиб келиш жиноий ҳаракат сифатида баҳоланадиган бўлди. Шу тариқа Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам қасддан банкротликка олиб келиш билан боғлиқ ҳаракатлар учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи янги модда киритилиб, унга асосан қасддан банкротликка олиб келиш билан боғлиқ ҳаракат туфайли кредиторларга етказилган зарар кўп миқдордан кам бўлса, маъмурий жавобгарлик келиб чиқади. Бу ҳолатда жавобгар ҳисобланган мансабдор шахсларга энг кам иш ҳақининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солинади. Қонунчиликдаги ушбу ўзгаришлар туфайли хўжалик юритувчи субъектларда ўзининг пул маблағлари, бошқа мол-мулкидан оқилона фойдаланиш ва корпоратив бошқарув сифатини оширади, хўжалик юритувчи субъектлар эгалари ва мансабдорларнинг ташкилот иқтисодий барқарорлигини таъминлаш бўйича масъулиятини кучайтиради. Айни чоғда кредиторлик қарзларининг камайиши, тўлов интизоми ва шартнома бўйича мажбурият ижросини мустаҳкамлашда қўл келади. 2014 йил 11 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонуни асосида «Банкротлик тўғрисида»ги қонуннинг 134-моддаси янги таҳрирда баён қилиниб, унда кредиторлар талабларини қондириш тартиби, навбатлари, шунингдек навбатдан ташқари қондириладиган талаблар аниқ ва тушунарли тарзда белгилаб қўйилди. Мазкур соҳадаги қонунчиликнинг такомиллаштирилиши, мазмун-моҳиятига кўра иқтисодий ночор аҳволга тушиб қолган тадбиркорга ёрдам беришни, унинг иқтисодини соғломлаштириш чораларини қўллашни кўзлайди. Агар бундай чораларни қўллаш лозим деб топилмаса, уни тугатиб, мол-мулкини кредиторлар олдида навбат бўйича тақсимлаб беришни назарда тутади.

Хулоса қилиб айтганда бозор иқтисодиётининг муҳим институтларидан бири банкротликни самарали қўллаш катта аҳамиятга эга. Чунки иқтисодий жиҳатдан ночор хўжалик юритувчи субъектларни инқироздан чиқариш ёки уларнинг истиқболсизларини тугатиб, ўрнига соғлом мулк секторини ташкил этиш айнан банкротлик институти ёрдамида амалга оширилади. Иқтисодий ночор корхоналарга нисбатан банкротлик таомилини ўз вақтида қўллаб, уларни соғломлаштириш ёки тугатиш чоралари кўрилиши умумиқтисодиёт учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Бу борада, Тошкент вилоят хўжалик судида ҳам суд бошқарувчилари ва тадбиркорлик субъектлари иштирокида доимий тарзда банкротлик масалаларига бағишланган тадбирлар ва семинар-тренинглар ўтказилиб келинмоқда. 

А.Ибрагимова,

Тошкент вилоят хўжалик суди судьяси

Узбекский
Опубликовано: 30.06.2015
Укилди (марта): 2