АЙЛАНМА ЙЎЛДАГИ АДАШГАНЛАР

Хорижда ишлашнинг ҳам ўз тартиб-қоидаси бор. Тартибни бузганлар, қонунни менсимай, калта ўйлаганлар адашади. Улар барибир бир кун қонун олдида жавоб беришларига тўғри келади.

Нодир Содиқов (исм-шарифлар ўзгартирилган) асли жиззахлик. Бахмалда тинчгина яшаб юрган Нодирнинг мўмайроқ пул топгиси келиб, Қозоғистонга кетадиган бўлиб қолди. У ўтган йилнинг июль ойида вилоятимизнинг қўшни Қозоғистон Республикаси ҳудуди билан чегарадош бўлган “Ғишткўприк” ихтисослашган божхона комплекси орқали Қозоғистон Республикасига чиқиб кетиб, Қизилорда шаҳрида ишлай бошлади.

Жорий йилнинг 3 январигача қўшни республикада ишлаб, ўзига тегишли бўлган фуқаролик паспортини эҳтиётсизлиги оқибатида йўқотиб қўйган Нодир Ўзбекистонга қайтишда ноқонуний йўлдан фойдаланмоқчи бўлди. Бу борада у қонуний йўл тутишни ўйлаб ҳам кўрмади. Қонунбузарлик осонроқ туюлди унга.

Хаёлида ўзича режалар тузиб, айланма йўллар орқали мамлакатимиз ҳудудига ўтмоқчи бўлган Нодир 4 январь куни тунда ўйлаган ишини амалга оширди. Тун қоронғуси унга қулай фурсатдек туюлганди. У қоронғудан чегарадан ўтиб олсам, уёғи уйга-да, деб калта ўйлаганди.

Бу хатти-ҳаракатлари билан у “Давлат чегарлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларини қўпол равишда бузди. Чиноз туманининг “Эшонобод” аҳоли пункти атрофидаги айланма йўллар орқали Ўзбекистонга кириб келаётган Нодир ҳушёр чегарачилар томонидан ушланди.

Қонунбузарга нисбатан тегишли тартибда баённома расмийлаштирилиб, тергов ҳаракатлари бошланди. Иш судга оширилди.

Бу каби ноқонуний ҳолатларни содир этаётган, Нодир сингари айланма йўлларда адашган юртдошларимизнинг хатти-ҳаракатларини фуқаронинг ўз ҳуқуқларини яхши билмаслиги ёки қонун талабларига беписандлик билан қараши деб баҳолаш мумкин. Агар Нодир фуқаролик паспортини йўқотгач, қонуний иш кўрганида суд залида бошини эгиб ўтирмай, уйига, оиласи бағрига хотиржам қайтарди, албатта.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА

Опубликовано: 12.03.2018
Укилди (марта): 2