АСОСИЙ ҚОНУНИМИЗ – ИНСОН ҲУҚУҚ ВА МАНФААТЛАРИНИНГ БОШ ҲИМОЯЧИСИ

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма тўрт йиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида ҳуқуқий мавзуларда учрашув, семинар, жонли мулоқот ва давра суҳбатларини ўтказиш Дастури” асосида жойларда 2016 йилнинг 15 ноябридан 15 декабрига қадар “Конституцияси – мамлакат тараққиёти ва жамият фаровонлигининг ҳуқуқий кафолати” мавзусида ҳуқуқий саводхонлик ойлиги ўтказилмоқда.

“Ўзбекистон Республикаси Конституцияси”ни дастлаб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган “Адолат” нашриёти давлат корхонаси кўп минг нусхада чоп этиб, халқимизга тарқатди.

Бу тарихий воқеа эди. Конституциямизни халқаро миқёсда тарғиб-ташвиқ қилишда ҳам “Адолат”нинг сезиларли ўрни бор. Нашриётимиз биринчилардан бўлиб Қомусимизни рус ва инглиз тилларидаги таржимаси билан чоп этди. Бу билан Бош Қомусимизнинг ўзга давлатлар ва халқлар аро кенг тарқалишига имкон яратди.

 

Мустақилликнинг дастлабки одимлариданоқ мамлакатимизда давлатчилик тизимлари шакллантирилди. Улардан бири мустақил давлатимиз Конституциясидир. 1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, энг аввало, Ватанимиз озодлигининг шаҳодати сифатида қадрлидир. Мустақил Ўзбекистоннинг тарихида биринчи Конституциянинг қабул қилиниши ҳақиқий мустақилликка қўйилган мустаҳкам қадамдир. Бош қомусимизга улкан ижодий руҳда, ривожланган, тараққий этган давлатларнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида эришган ютуқларига, уларнинг тарихий тажрибаларига ҳамоҳанг яратилган.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов ва бир қатор етук ҳуқуқшунос мутахассислар томонидан ёзилган “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси”ни дастлаб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги ихтисослаштирилган “Адолат” нашриёти давлат корхонаси кўп минг нусхада чоп этиб, халқимизга тарқатди. Бу тарихий воқеа эди.

Тез фурсатда мустақил Ўзбекистон биринчи Конституциясининг шарҳ ва изоҳларини бирма-бир нашрдан чиқариб, Бош Қонунимиз моҳиятини мамлакатимиз аҳолисига етказишда муносиб хизмат қилди. Конституциямизни халқаро миқёсда тарғиб-ташвиқ қилишда ҳам “Адолат”нинг сезиларли ўрни бор. Нашриётимиз биринчилардан бўлиб Қомусимизни рус ва инглиз тилларидаги таржимаси билан чоп этди. Бу билан Бош Қомусимизнинг ўзга давлатлар ва халқлар аро кенг тарқалишига имкон яратди.

Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов эътироф этганидек, “Конституциямиз ўз мазмун-моҳиятига кўра халқимиз тафаккурининг маҳсули бўлиб, у давлатни давлат, миллатни миллат сифатида танитадиган қомусномадир”. Унинг барча моддалари дунёда умумэътироф этилган тамойиллар, халқаро ҳуқуқ нормалари ва бошқа бир қатор халқаро ҳужжатлардаги умуминсоний тамойиллар мазмуни билан суғорилган.

Маълумки, ҳар бир давлатда унинг ички ва ташқи ҳаётини тартибга солиш ва давлат механизмининг режали ишлаб туришини таъмин этиш учун юзлаб ва минглаб турли қонунлар ҳамда қонуности актлари қабул қилинади. Уларнинг баъзилари иқтисодга, баъзилари сиёсатга, баъзилари эса, маданият ва ҳаётнинг бошқа соҳаларига тегишли бўлиши мумкин. Буларсиз давлат ўз вазифаларини бажара олмайди. Аммо юзлаб ва минглаб қабул қилинган барча қонунлар ва қонуности актлари давлат ҳаётининг айрим томонларига бағишланган бўлади. Бу қонунларнинг ҳаммасини бир мақсад, бир ғоя ва бир тартибга бўйсундирадиган ягона умумдавлат асосий қонуни керак. Ана шу энг асосий, энг кенг, энг муҳим қонун Конституциядир. Конституциялар кишилик жамияти тараққиётининг буюк ютуқларидан биридир. Конституция – давлатдаги тартиб-қоидаларнинг ҳуқуқий асосидир.

Ўзбекистон Республикаси Конституциянинг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динга эьтиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эьтиқод қилмаслик ҳуқуқига эга” деган қоида белгилаб қўйилган. Конституциянинг Х боби “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолатлари” тўғрисида бўлиб, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таьминлайди. Агар у ёки бу шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари бузилса, суд орқали ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Конституциясининг 13-моддасида шундай дейилган: “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кура инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.

Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади”.

Мустақиллик даврида Ўзбекистонда эркин фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлат қурилмокда. Чинакам демократиянинг зарурий ва ҳуқуқий таркиби сифатида кўппартиявийлик принципи амалда шаклланмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ва парламент сайловларининг кўппартиявийлик принципи асосида ўтказилаётганлиги ҳам бунинг ёрқин исботидир.

Инсоннинг энг муҳим ва муқаддас ҳуқуқларидан бири тинч яшаш ҳуқуқидир. Давлат ва жамиятнинг бурчи мазкур ҳуқуқни барча қонуний воситалар билан кафолатлашдан иборат. Мазкур ҳуқуқни амалга ошириш – давлат ва жамиятни демократлаштиришнинг энг муҳим шарти. Демократиянинг инсонпарварлиги ана шу хусусияти билан белгиланади. Ўзбекистонда фуқароларнинг демократик ҳуқуқ ва эркинликлари Конститу­ция, қонунлар ва давлат идоралари томонидан ҳимоя қилинади.

Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон — миллати, дини, ижтимоий аҳволи, сиёсий эътиқодидан қатъи назар, умумбашарий инсонпарварлик қоидаларига асосланган ҳолда, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳақиқатда таъминлаб берадиган давлатдир. Ўзбекистон Республикаси Конституция ва қонунларининг пировард мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдан иборатдир. Улуғ бобомиз Амир Темур айтганидек, “қаерда адолат ҳукмронлик қилса, шу ерда эркинлик бўлади”.

Мустақиллигимиз қомуси бўлган Конституциямиз халқимиз ижтимоий-сиёсий, маьнавий-иқтисодий ҳаётида катта аҳамиятга эгадир. У Ўзбекистонда яшаётган фуқароларнинг дунёқарашини, ўзаро муносабатлар, меҳр-оқибат, ўзга миллат ва элатларга нисбатан ҳурмат, илмга интилиш, ор-номус каби юксак олижаноб фазилатларни ҳам ўзида мужассамлаштирган.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мустақиллик берган ҳуррият тимсолидир аслида. Унинг тарихий аҳамияти ва моҳияти шундан иборатки, унда республикамиз фуқароларининг ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги, қадриятлари, урф-одатлари, барча фуқароларнинг қонун олдида тенглиги ўз ифодасини топган. Шунинг учун ҳам халқимиз ҳар йили 8 декабрда Ўзбекистон Конституцияси байрамини ўзига хос кайфиятда нишонлайди.

Конституция лотинча сўз бўлиб “ўрнатаман”, “белгилаб қўяман” деган мазмунни ифода этади. Ўзбек тилида “асосий қонун”, яъни давлатни бошқариш, унинг ички ва ташқи ҳудудларини идора қилиш каби маьноларни англатади. Бу қомусий ҳужжатнинг халқчилиллиги шундаки, унда миллий урф-одатларимиз, аньаналаримиз, эьтиқодимиз, умуман миллий қадриятларимиз ҳимояси ва равнақи аниқ белгилаб қўйилган.

Бош Қомусимизда Ўзбекистон фуқароси бўлган барча миллат ва элатларнинг тили, урф-одатлари, миллий аньаналарини ҳурмат қилиш кафолатланган. Бу эса, ана шу миллат ва элатлар ўртасидаги дўстлик ришталари мустаҳкамлиги гаровидир. Асосий Қонунда адолат, иймон, олижаноблик, фидойилик, инсонга ғамхўрлик, мардлик сингари миллийлигимизнинг белгиси бўлган улуғ фазилатлар акс эттирилган. Ўзбекистонда яшовчи барча фуқароларнинг фаровон ҳаёт кечиришини таьминлаш, инсонпарвар ҳуқуқий давлат барпо этиш каби олижаноб ғоялар ўз ифодасини топган.

         Конституциямиз асосида қабул қилинган қатор қонун ва қарорлар эса эзгу ишларимизни янада ривожлантириш, мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни чуқурлаштириш имконини бермоқда. Конституциямиз буюк алломаларимиз қолдирган илмий-маданий меросни асраб-авайлашимизга, уларни келгуси авлодларга етказишимизга, ёшларни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялашга хизмат қилади.

Давлатнинг ишончи, обрў-эътибори, кўрки унинг Конституциясидир. Биз ҳам Конституциямиз туфайли дунё давлатлари ичида ўз ўрнимизни, нурафшон йўлимизни топдик. Ана шу йўл бардавом бўлиши учун эса, ҳар биримиз она-Ватанга содиқ, муносиб фарзанд бўлишимиз зарур.

 

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

“Адолат” нашриёти муҳаррири

Опубликовано: 30.11.2016
Укилди (марта): 2