“Адолат” нашриётининг янги нашрларидан баҳраманд бўлинг

А. Саидов. “Ўзбекистон Конституцияси – дунё жамоатчилиги нигоҳида”.

Ушбу тўпламдан хорижий мамлакатлар давлат арбоблари, илмий, ўқув ва ишбилармон доиралари вакилларининг оммавий ахборот воситаларига берган интервьюлари ўрин олган. Улар давлатимиз ҳамда жамиятимиз ҳаётининг барча соҳасида юз берган туб янгиланишларда мамлакатимиз Асосий қонуни, шунингдек барқарор тараққиётга эришишнинг муҳим асоси ҳисобланадиган юртимизни янада ривожлантириш бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”нинг тутган ўрни ва аҳамияти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларни билдиришган.

Х. Одилқориев. Давлат ва ҳуқуқ назарияси.

Дарслик давлат ва ҳуқуқ соҳасидаги замонавий илмий концепцияларни инобатга олган ҳолда тайёрланган бўлиб, унинг мавзулари анъанавий ёндашувлар билан бир қаторда янги муаммолар ҳамда нуқтаи назарлар талқини асосида ёритилган. Унда мамлакатда шаклланаётган фуқаролик жамияти, демократик давлатчилик ва ҳуқуқий тизим хусусиятларига оид назарий хулосалар ўз ифодасини топиши баробарида, давлат ва ҳуқуқнинг вужудга келиши, моҳияти, механизми, функциялари, шакллари, уларнинг жамиятни модернизациялашдаги роли жонли тарзда баён этилган.

Юридик олий ўқув юртларининг талабалари, ўқитувчилари, мутахассислар, илмий изланувчилар, магистрлар ҳамда давлат ва ҳуқуқ масалаларига қизиқувчи барча китобхонларга мўлжалланган.

Р. Худойқул. “Бир жиноят тарихи”.

Жиноятнинг тури кўп, унинг сабаб ва илдизлари битта! У ҳам бўлса, балои нафсдир. Унинг бошлаб борар манзили – жаҳолат ботқоғи.

Жиноятга қонуний жазо муқаррар, албатта. Аммо, афсуски, ҳар бир жиноий ишнинг беайб қурбонлари бор. Балки, улар сизу бизнинг лоқайдлигимиз қурбонларидир. Шунинг учун ҳам суд залидан ҳикоя қилинган воқеалар
баёни орқали муаллиф барчамизни уйғоқ қалб билан огоҳ бўлишга ундамоқда.

 

Қ. Раҳимбоева. “ТЎйлар муборак”.

Тўй фақат шахсий эмас, ижтимоий ҳодиса. Унинг ҳар бир қисмида миллат маънавияти, қалби, қиёфаси акс этиши керак. Кейинги пайтларда тўйларимизда тақлид кучайиб, ўзимизга қадрли, юрагимизга яқин бўлган анъаналардан узоқлашиш ҳолати кузатилмоқда.

Мазкур китоб муаллифининг фикрлари фуқароларни, айниқса, ёшларни ўзликка қайтариш йўлидаги муваффақиятли уринишлар, дейишимиз мумкин. Рисола куюнчаклик билан самимий руҳда ёзилгани учун ўқувчига муаллиф ғоялари тез “юқади”, деб умид қиламиз. Ушбу китобдаги мақолалар маҳаллаларда ўтаётган маънавий тадбирларнинг асосий мавзуларидан бири бўлади, деб ният қилдик.

Т. Тошев. “Адолатга хиёнат”.

Таниқли журналист ва ёзувчи Тўхтамурод Тошев кенг қамровли ўқувчи-китобхонлар даврасида ўзининг «Меҳнат – инсонни улуғлайди», “Эл ўғлони”, “Муҳаббат рамзи”, “Озодлик – буюк неъмат”, «Одамларни севиб яшайман», “Адашганлар қисмати”, «Хиёнат», “Полковникнинг қисмати”, “Меҳр қолур, муҳаббат қолур...” каби ўндан ортиқ китоблари билан яхши таниш.

Ёзувчининг навбатдаги китоби – “Адолатга хиёнат” қиссаси китобхонларни бефарқ қолдирмайди. Унда муҳаббат, севги, оилавий муносабатлар, ҳаётдаги қатор ижтимоий муаммолар ёзувчи томонидан моҳирона қайд этилди. Ушбу китобни ўқиган инсонлар, айниқса, ёшлар ўзларига тегишли хулосалар чиқариб оладилар ва ҳаётда яқин инсонларига хиёнат қилмайдилар, тўғри, ҳалол йўлни танлаб оладилар деган умиддамиз.

Опубликовано: 12.12.2017
Укилди (марта): 2