"АДОЛАТ" НАШРИЁТИ ОММАБОП КИТОБЛАР БИЛАН ЎҚУВЧИЛАР НАЗАРИГА ТУШДИ

Расмий нашрлар - ишончли манба

“Адолат” мамлакатимизда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни расмий нашр этишга ихтисослаштирилган ягона нашриёт ҳисобланади. Шу маънода унинг республикамиздаги нашриётлар орасида ўз ўрни ва алоҳида салмоғи бор. “Адолат” нашриётининг жорий йилда ўқувчилар эътиборига ҳавола этган китобларнинг мазмун-мундарижаси жуда кенг. Нашриёт томонидан 2013 йилнинг 9 ойи давомида 28 номда, 52 830 нусхада адабиётлар нашр этилди. Улар орасида расмий нашрлар билан бир қаторда ҳуқуқшуносликнинг турли йўналишлари кенг ёритилган дарсликлар ва ўқув қўлланмалари, монография ва рисолалар ҳам бор. Бундан ташқари, бугунги кунда “Адолат” нашр белгиси билан бадиий-публицистик адабиётлар ҳам нашр қилинмоқда.

Нашриёт ташкил топганидан буён Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, кодекслари, кодексларга шарҳлар, кодекслар тўп­лам­лари, норматив-ҳуқу­қий ҳужжатлар ҳамда ҳу­қуқшуносликка оид ўқув қўлланмаларини чоп этиб, аҳолининг норматив-ҳуқу­қий ҳужжатлар ва ҳуқуқий адабиётларга бўлган эҳтиёжини қондириш борасида салмоқли ишларни амалга оширмоқда.

Табиийки, янги қонунларни кенг жамоатчиликка ўз вақтида етказиб бериш давр тақозосидир. Маълумки, норматив-ҳуқу­қий ҳужжатлар расмий ҳужжатлар ҳисобланиб, уларни бузиб талқин қи­лиш ёки расмий манбаларда эълон қилинганидан бошқача шаклда чоп этишга йўл қўйилмайди. Шунинг учун норматив-ҳуқу­қий ҳужжатларни чоп қи­лиш катта эътибор ва масъулият талаб қилади.

“Адолат” нашриёти 2009 йилдан бошлаб, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эълон қилинадиган расмий манба — “Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами” — “Соб­рание законодательства Республики Узбекистан” ҳамда “Ўзбекистон Республикаси халқаро шарт­номалари тўплами” — “Сборник международных договоров Республики Узбекистан” даврий нашрларини ҳам чоп эта бошлади. Бу эса, ўз навбатида, нашриётнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни нашр қилишда нечоғли ишончли ҳуқуқий манбаларга эга эканлигидан далолат беради.       Мамлакатимизда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар, қонунчилик жараёнларининг жадал суръатлар билан ривожланаётганлиги аҳолини ҳуқуқий ахборот ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан етарли даражада хабардор қилиб боришни долзарб масалага айлантирмоқда. Шу ўринда яна бир нарсани алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринли, назаримда. Ҳар бир фуқаро, хоҳ у ёш, хоҳ кекса бўлсин, ўз ҳаётида ҳуқуқий маслаҳатларга эҳтиёж сезади. Ана шундай вақтда ҳуқуқий мавзудаги китоблар энг яхши, беминнат маслаҳатгўй бўла олади. “Адолат” нашриёти нашрлари, айнан шу маънода, фақатгина ҳуқуқшунослар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, давлат ва нодавлат ташкилотларининг масъул ходимлари, ўқув даргоҳларида таълим олаётган талаба ва ўқувчи ёшлар, ҳуқуқий мавзуларга қизиққан кишиларгина эмас, барча учун бирдек қизиқарлидир.“Адолат”нинг жорий йилда китобхонларга туҳфа этаётган ҳар бир нашри шу маънода алоҳида аҳамият касб этиши шубҳасиз.

2001 йил 4 январда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Конституциясини ўрганишни ташкил этиш тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинган эди. Унга асосан таълим тизимидаги барча ўқув муассасаларида “Конституцияни ўрганиш махсус курси” ўқитилиши белгиланган бўлса, юридик йўналишлардаги таълим муассасаларида “Конституциявий ҳуқуқ” фани ўқитилади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан нашрга тавсия қилинган Озод Ҳусановнинг Бош қомусимизнинг ҳар бир бўлими, ҳар бир бобини алоҳида шарҳлаб берувчи “Конституциявий ҳуқуқ” дарслиги лотин ва кирилл алифболарида ўқувчилар қўлига етиб бормоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 20 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги “Инсон манфаати, ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳаётимизнинг янада эркин ва обод бўлишига эришиш – бизнинг бош мақсадимиздир” номли маърузаси моҳияти ва аҳамиятини тарғиб этиш мақсадида юридик фанлар доктори, профессор Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Fулом Мирзо ҳаммуаллифлигидаги “Ўзбекистон конституциявий давлат сари” китоби 10 000 нусхада нашр этилиб, тарқатилди.

Ҳозирги кунда халқаро жиноий уюшмалар томонидан наркобизнес, қурол-яроғ савдоси, одам савдоси ва одамларни эксплуатация қилиш кўринишидаги трансмиллий жиноятлар биргина давлат ҳудуди билан чегараланиб қолмай, бутун инсониятга хавф соладиган жиноятларга айланиб бормоқда. Мустақилликка эришган дастлабки кунларимиздан то ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси хорижий мамлакатлар билан уюшган жиноятчилик, терроризм, жиноий фаолиятдан олинадиган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш соҳасида 120 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар имзолаган. Яқинда нашр этилган “Халқаро жиноят ҳуқуқи” монографиясида халқаро жиноятчилик тушунчаси ва турлари, унга қарши курашишда БМТ ва бошқа ташкилотларнинг ўрни, бу борада олимлар орасидаги баҳсли фикрлар ва бошқа ечимини кутаётган долзарб масалалар кенг ёритилган.

Шунингдек, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан ҳамкорликда тайёрланган “Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги қонунлари” тўплами зарур расмий манба бўлса, П. Маккамбаевнинг “Военно-политическая ситуация в Афганистане и ее влияние на пограничную безопасность государств Центральной Азии” китоби халқаро миқёсдаги долзарб масалалар ёритилганлиги билан аҳамиятлидир. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан ҳамкорликда халқаро конференцияларда тарқатишга мўлжалланган бир қатор рисолалар ҳам чоп этилди.

Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал, Жиноят ҳамда Ҳаво кодекслари сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар билан нашр қилинган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Фуқаролик, Меҳнат, Солиқ, Божхона, Оила, Хўжалик процессуал, Фуқаролик процессуал, Жиноят-ижроия кодекслари тез кунларда китобхонлар қўлига етиб боради.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси қабул қилинганлигининг 65 йиллиги муносабати билан нафақат талаба ва ўқитувчилар, балки илмий тадқиқотчилар ва мутахассислар — кенг китобхонлар учун мўлжалланган “Инсон ҳуқуқлари” дарслиги лотин ва кирилл алифболарида 25 минг нусхада нашрдан чиқарилмоқда.

Ҳар бир инсон Ватан бағридаги кичик Ватан бўлган оилада камол топади. Оилада яхши муҳитни яратиш мақсадида маҳалланинг таъсирчан кучга эга бўлиши муҳимдир. Шу боис ҳам ёшлар тарбиясига бевосита дахлдор бўлган маҳалла тизими жорий этилди ва унинг зиммасидаги масъулиятни янада ошириш чоралари кўрилмоқда. Шу мақсадда нашриёт томонидан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови олдидан “Фуқаролар йиғинлари фаолиятида кенг қўлланиладиган қонун ҳужжатлари тўплами” ўзбек ва рус тилларида нашр қилинди. Мазкур китобда фуқаролар йиғинлари фаолиятида энг кўп дуч келинадиган ижтимоий муносабатларни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари жамланган.

Бундан ташқари, яқин кунларда “Актуальные вопросы разработки проекта Кодекса Республики Узбекистан об административной ответственности в новой редакции в контексте международного сотрудничества” китобининг III қисми, Юристлар малакасини ошириш маркази билан ҳамкорликда “Суд жараёнида сўроқ қилишнинг тактикаси ва усуллари: Ўзбекистон ва Германия тажрибаси”, Мансур Юнуснинг “Ижод фалсафаси”, “Тадбиркорлик фаолиятининг айрим турларини лицензиялашга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами” сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар билан китоблари нашрдан чиққан бўлса, ёзувчи ва журналист Тўхтамурод Тошевнинг “Озодлик – буюк неъмат”, Иброҳим Пайдонинг “Тавалло”, китоблари ҳам нашр қилинмоқда.

Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, “Адолат” нашриётининг нашр белгиси билан ўтган йиллар давомида чоп этилган китоблар миллий қонунчилигимизнинг ўзига хос қомусига айланди, десак муболаға бўлмайди. Ўзига хос ва замон талабига мос сифати билан ажралиб турадиган “Адолат”нинг ҳар бир нашри китоб дўконларида ўз ўқувчисини кутиб узоқ туриб қолмайди, сабаби, ҳуқуқий демократик давлат ва эркин фуқаролик жамияти барпо этилаётган мамлакатимизда қонунлар, ҳуқуқий билимларга эҳтиёж катта, албатта. Қонун устувор заминда эса, тартибли ҳаёт тарзи бардавом бўлади.

Гулбаҳор ОРТИҚХЎЖАЕВА,

“Адолат” нашриёти муҳаррири

Опубликовано: 02.04.2015
Укилди (марта): 2