АДАШГАНЛАР ҚИСМАТИ

“Адолат” нашриёти китобхонлар хонадонига ҳуқуқий нашрлар билан бирга бадиий жанрдаги адабиётлар билан ҳам кириб бормоқда. Яқинда нашриётда таниқли журналист Тўхтамурод Тошевнинг суд очерклари жамланган “Адашганлар қисмати” номли китоби нашр этилди.

 

Истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ мамлакатимизда жиноятчиликка барҳам бериш, ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бартараф этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг раҳнамолигида янги ҳуқуқий-демократик жамиятни равнақ топтириш жараёнида сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маънавият, таълим ва бошқа муҳим жабҳалар қатори жиноятчилик билан кураш ҳам кун тартибидаги муҳим масалага айланди.

Сир эмаски, мустақилликнинг илк йилларида айрим минтақаларимизда жиноятчилик ўсиб, ўғрилик, талончилик, боcқинчилик, давлат мулкини талон-тарож қилиш, айниқса, кенг тарқалди. Бу жиноятлар кўп ҳолларда қотиллик, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, зўрлаб номусга тегиш, ашаддий безорилик каби жиноятларга туртки бўлди. Натижада бир қанча вилоятларда уюшган жиноятчиларга дастлабки зарбалар берилди. Мазкур тадбирлар ҳамон изчил равишда давом эттирилмоқда. Бу курашда қонунийлик ва ҳуқуқ-тартибот ҳимоясида турган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат идоралари ҳамжиҳатликда эл-юрт осойишталигини сақлашга улкан ҳисса қўшмоқдалар.

Давлатчилик тарихидан маълумки, ҳар қандай жиноят ортида жазо бор. Лекин бир дард вужудни касал қилгач, унга чора кўргандан кўра, ўша дарднинг олдини олган минг бор афзал. Шунинг учун ҳам жамиятимизда аҳолини жиноятчиликнинг аянчли оқибатларидан хабардор қилиш мақсадида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Фуқароларни қонунларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ҳуқуқ устуворлигини таъминлашда ҳар бир шахснинг ҳуқуқий билимлари катта аҳамиятга эга. Чунки, ҳуқуқ ҳақидаги умумий билимлар ёрдамида жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, аҳоли онгида қонунларнинг ижтимоий аҳамияти ҳақида тўғри тасаввурларни шакллантириш мумкин.

Тўхтамурод Тошевнинг ушбу китоби ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилиши шубҳасиз. Мазкур тўпламда мустақиллик йилларида жиноятчиликка қарши кураш тарихининг энг ёрқин саҳифалари ўз ифодасини топган. Ўқувчилар ҳукмига ҳавола этилаётган суд очеркларида жиноятчилик иллатининг келиб чиқиши, унинг туб илдизлари, уни бартараф этиш омиллари ва бу иллатнинг фош этилишида ички ишлар, прокуратура, адлия, суд органлари ходимларининг машаққатли меҳнати маҳорат билан очиб берилган.

Миллий матбуотимизда суд очерклари устаси дея эътироф этиладиган муаллифнинг тадқиқот намунаси сифатида вужудга келган публицистик ишлари китобхонларни кенг мушоҳадага ва огоҳликка чорлайди, деб умид қиламиз.

Шерзод РУСТАМОВ,

“Адолат” нашриёти Маркетинг бўлими бошлиғи

Опубликовано: 21.12.2015
Укилди (марта): 2